Банк бозорида рақобат кучайиб бораётган шароитда банк мижозларининг талаблари доимий равишда ўсиб бормоқда. Мижозларга сифатли, оператив хизмат кўрсатиш, улар томонидан берилган саволларга профессионал ҳамда малакали жавоб бериш орқали Банк ва мижоз ўртасида ишончга асосланган самарали муносабатлар тизимини ўрнатиш мумкин бўлади.
“Трастбанк” хусусий акциядорлик банки томонидан мижозлар билан бевосита ишончга асосланган шерикчилик муносабатларини ўрнатиш мақсадида “Сирли мижоз” усулидан фойдаланиш ўзининг яхши самараларини бериш билан бирга, соҳадаги юқори рақобат ва банкнинг жадал ривожланишига ҳамда мижозларга сифатли ва оператив банк хизматлари кўрсатилишига замин яратади.
Жорий йилнинг 7 январь куни “Сирли мижоз” услули орқали ташқи маркетинг компанияси томонидан мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини баҳолаш бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари юзасидан Бошқарув Раисининг ўринбосари Зиёвуддин Курганов бошчилигида, Бош банкнинг тегишли таркибий тузилма раҳбарлари, Амалиёт бошқармаси, филиаллар бошқарувчилари ҳамда масъул бўлим бошлиқлари иштирокида видеоконференция бўлиб ўтди.
Бошқарув Раисининг ўринбосари Зиёвуддин Курганов йиғилишни очар экан, иштирокчиларни “Сирли мижоз” усули бўйича ўтказилган таҳлил натижалари билан бевосита таништирди. Ҳар бир филиал ходими мижозларга юқори савияда хизмат кўрсатиш, банк маҳсулотлари ва хизматларини мижозларга таклиф қилишда аввламбор мижозларнинг эҳтиёжларини аниқлаш, банк хизматларининг устунлик жиҳатлари, хизмат шартлари бўйича профессионал даражада маълумот тақдим этиш, бу соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликлар такрорланмаслиги учун нималарга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, семинар давомида сўзга чиққан ташқи маркетинг агентлиги раҳбари Шуҳрат Зокиров 2020 йил давомида банк филиалларида “Сирли мижоз” усулида ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича батафсил таҳлилий ҳисобот тақдим этди.
Филиаллар фаолиятини мувофиқлаштириш департаменти директори Ойбек Дусмухамедов иштирокчиларга “Сирли мижоз” усулининг жорий этилиши мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишда ижобий ўзгаришларга эришилаётгани ҳамда бу йўналишда эътибор қаратилиши лозим бўлган таҳлилий маълумотларни тақдим этди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу усул банк ва унинг филиалларида хизмат кўрсатиш борасидаги заиф нуқталарини аниқлашга, мавжуд тизимли камчиликларни бартараф этишга ва мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга хизмат қилади.