Жорий йилнинг 23 февраль куни “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки ва Тошкентдаги Webster университети ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Меморандумни “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки Бошқаруви Раисининг биринчи ўринбосари Фурқат Самарходжаев ва Тошкентдаги Webster университети ректори Jon Grainger имзоладилар.
Меморандумдан кўзланган асосий мақсад, университет талабалари таркибидан танлов асосида саралаб олинган юқори салоҳиятли талабаларни Банк талаблари асосида билимларини янада мустаҳкамлаш, кадрлар малакаси ва касбий маҳоратини ошириш, келажакда назарий ва амалий жиҳатдан етук банк мутахассисларини тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш ҳамда ҳамкорликда илмий лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, келишув доирасида “Трастбанк”нинг иш фаолияти йўналишлари бўйича талабалар учун малакавий амалиёт “стажировка” ўташни ташкиллаштириш кўзда тутилган. Меморандум Банк ва Университет ўртасида ўзаро муҳим аҳамиятга эга масалалар юзасидан консультациялар ўтказиш ва инновацион лойиҳалар ишлаб чиқишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Маълумот учун: Америка Қўшма Штатларининг Тошкентдаги Webster Университети Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги “Тошкент шаҳрида Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш марказини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4245-сонли қарори асосида ташкил этилган. Университет томонидан берилган дипломлар халқаро миқёсда ҳамда Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим тўғрисидаги тан олинган ҳужжатдир.